Канчельскис: Сафимизда "Навбаҳор" савиясига тўғри келмайдиган ўйинчилар бор

Coca Cola Суперлига 23-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Насаф” жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.Унинг фикрлари эса қуйидагича бўлди.

- Учрашувнинг биринчи бўлимида йигитларнинг ўйинлари унчалик қовушмади. Иккинчи бўлимда эса яхши ўйин намойиш этишди. Якунда эса 1:1 ҳисобидаги дурангга эришдик.
Албатта, бугунги ўйинда жамоамиздан омад юз ўгирди, десак ҳам бўлаверади. Регламентга кўра, асосий таркибда бир нафар ёш футболчи 45 дақиқа ўйнаши шарт.Бунинг сабабини билмадим, аммо регламентга албатта бўйсуниш лозим. Шу боис, учрашувнинг учун биринчи бўлимда майдонда ёш ҳужумчи Муҳаммаджон Султанов ҳаракат қилди. Аммо унда тажриба етишмаганлиги боис, “Навбаҳор” майдонда бир киши кам ўйнаётгандек таассурот қолдирди.Бунга баҳс давомида ўзинглар ҳам гувоҳ бўлдинглар.

Ҳар бир футболчи асосий таркибда ўйнаш учун интилиши лозим. Умуман олганда, биз Суперлигада дуранглар бўйича чемпионмиз (кулади).

Тўғрисини айтсам, сафимизда “Навбаҳор” савиясига тўғри келмайдиган ўйинчилар бор. Уларнинг номларини келтирмайман. Ихтиёримиздаги 12-13 нафар асосий футболчи эса, темир эмас. Машҳур мураббий Валерий Васильевич Лобановский “темир ҳам бир кун синади”, деганди. Таркибимизда жароҳатланганлар ҳам бор. Аббос Ғуломов ҳамда ёш, иқтидорли ўйинчи Абдулҳай Исмоилов жароҳатларидан фориғ бўлишса, жамоага ёрдам беришади, деган умиддамиз. Наилож, ҳозирча ихтиёримдаги футболчиларнинг хизматларидан фойдаланишга тўғри келади. Аммо жамоа аввалги ўйинини намойиш этолмаётганлиги мен учун ачинарли. Битта эмас. икки-учта гол уриш лозим. Лекин ҳозирча бунга жамоанинг потенциали етмайди.

Кези келганида, бугун бизга руҳий мадад берган мухлисларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Айнан ишқибозларга қулайлик яратиш мақсадида, учрашув вақтини соат 16:00дан 18:00га кўчиргандик. Мухлислар келиб, жамоамизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришди ва бунинг учун уларга ташаккур билдираман.       

Барча имконият бор, деяверади. Имконият доимо бўлади.Фақат бунинг учун  футболчилардан майдонда яхши ўйин намойиш этиб, гол уриш талаб этилади, холос.
Гол ургандан сўнг, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида концентрацияни йўқотиб қўйдик. Натижада меҳмонлар ҳисобни тенглаштирди. Футболда кичик сониялар ҳам ўйин, мураббий тақдирини ҳал этиши мумкин.Ахир, миллионлар ўйинида майда нарсалар бўлмайди. Шу боис, тайёр ғалабани бой бериб, икки очко йўқотдик. Ҳаёт эса давом этади. Жамоамизда оз бўлса-да, 3-ўринни эгаллаш имконияти бор ва бундан самарали тарзда фойдаланишга интиламиз.

Фурсати келганда, шуни таъкидлаш лозимки, шахсан Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Ҳайитбаевич Бозоров, шунингдек, клуб раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан “Навбаҳор” уй учрашувларини ўтказадиган стадион сифатли майдонга эга бўлди.
Аммо барча клубларга бир хил талаб қўйилиши лозим. Айрим стадионлар, жумладан, “Сўғдиёна”, “Бухоро”, “Сурхон” клубларининг майдонлари талаб даражасида эмас. ЎФА бу борада барчага бир хил муносабатда бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, тақвимга кўра, ушбу ўйиндан сўнг, 24 кун давомида дам олиб, кейин бир ҳафта оралиғида 3та баҳс ўтказар эканмиз. Бунақада футболчилар қандай тикланишади? Бу хусусда ҳам ўйлаб кўриш лозим эди.

Тўғри, бунда аввало Ўзбекистон миллий терма жамоасининг манфаати ўйланмоқда. Ўз мамлакати терма жамоасида ўйнаш ҳар бир футболчи учун шараф. Лекин клубларнинг манфаати ҳам ҳисобга олиниши, масалан, 4 ёки 5 ноябрда ҳам ўйинлар ўтказилса ҳам бўлаверарди, менимча.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Сайфиддинович Эрматов футбол одами ва у кейинчалик шундай омилларга эътибор қаратади, деган умиддаман. Равшан Сайфиддинович билан гаплашганимизда, декабрь ойи ёки ундан сўнг, мураббийлар билан йиғилиш ўтказмоқчи эканлигини таъкидлаганди. Ўшанда биз – мураббийлар ўз фикрларимизни билдирамиз ва шундай масалаларни ҳал этамиз, деган умиддаман.

Андрей Канчельскис Навбаҳор Ўзбекистон. Суперлига
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Ўзбекистон Кубоги. "Сўғдиёна", "Оқ-тепа" ва АГМК кейинги босқичда
22:30
Улуғбек Бақоев: Бугун ғалаба қозондик, лекин мен йигитларнинг ўйинидан қониқмадим
23:58
ЎФА техник директори ОФКнинг махсус текширув комиссияси таркибига киритилди
18:03
Темур Кападзе бошчилигида ЎФАнинг мураббийликка тайёрлов ўқув курслари бўлиб ўтмоқда
16:24