Ольга Забелинская: Трекда ҳам яна бир лицензия олишни режалаштирганман

Ольга Забелинская апрель ойида Тошкент мезбонлик қилган велошоссе бўйича Осиё чемпионатида Токио Олимпиадасига биринчилардан бўлиб лицензия олган. Ҳамюртимиз эндиликда трек бўйича яна бир йўлланма учун астойдил кураш олиб бормоқда. Забелинская кеча ниҳоясига етган Чинчхон шаҳри (Жанубий Корея)даги Осиё чемпионатида очколар бўйича гуруҳ пойгаси йўналишида зафар қучиб, Олимпиада рейтинги учун қимматли очколарни жамғаришга муваффақ бўлди. Эътиборингизга спортчимизнинг Осиё чемпионатидаги иштироки ва олдига қўйган мақсадлари ҳақидаги интервьюни ҳавола қиламиз:

– Ольга, авваламбор, Осиё чемпионатидаги ғалабангиз билан самимий муборакбод этамиз. Бу қитъа биринчилигида режаларингизни амалга ошира олдингизми?
– Мусобақада асосий мақсадим рақибларимнинг спорт формаси билан танишиш бўлди. Лекин кореялик ташкилотчилар ва спортчилар мени ҳайратга солди. Бу борада ташкилий қўмитанинг тузган мусобақа регламенти бироз мураккаб бўлганини айтиш мумкин. Чемпионатда яна бир медални кўзлаган эдим. Бироқ омниумда кореялик рақибаларимнинг рақобати, менинг ҳаракатларимни ўрганиб чиқишгани кўриниб турди. Шу боис ҳам унда режалаштирган медалимга эриша олмадим.

– Трек йўналишида ҳам Токио-2020 лицензияси учун астойдил курашмоқдасиз. Бу борада қачон хушхабар эшитамиз?
– Жаҳон чемпионатидан кейин. Энди секин аста мусобақалар мураккаблашиб боради. Осиё чемпионатидан сўнг Жаҳон кубоги бошланади. Жаҳон кубоги босқичлари ва чемпионатида ҳам етарли очколарни жамғара олсам, якуний рўйхатда лицензион ўринга илина олишим мумкин бўлади. Буларнинг барчаси келаси йил маълум бўлади.

– Токио Олимпиадасига тайёргарлик режаларингиз билан таништирсангиз . . .
– Аввало, трекда ҳам яна бир лицензия олишни режалаштирганман. Буёғига трек мавсуми кетмоқда. Мусобақаларда керакли рейтинг балларини жамғариб олиш керак. Олдинда Жаҳон кубогининг бир нечта босқичлари бор. Босқичлар Янги Зеландия, Беларусь, Канада, Англия каби мамлакатларда ўтади. Кўриб турганингиздек, барчаси географик жиҳатдан бир-биридан анча узоқ. У ерларнинг иқлимига мослашишни ва жисмоний зўриқишларни ҳам ҳисобга олган ҳолда федерация мутасаддилари билан муҳокама қилиб оламиз.

– Қайси йўналиш сизга кўпроқ ёқади: шоссе ёки трек?
– Биласизми, трекда юрсангиз, шоссени хоҳлаб қоласиз. Шосседа эса трекни (кулади). Шунинг учун бирор нима дейиш қийин. Умуман олганда иккисида ҳам ўзимни бирдек эркин ҳис этаман.

– Терма жамоамиздаги ёш спортчилардан кимларни келгуси Олимпия ўйинлари лицензензиялари учун даъвогар деб кўрмоқдасиз?
– Жамоамизда 4 нафар ёш спортчиларни кузатиб бордим. Уларнинг устида ишлаб, керакли калорияда еб-ичиши, зарур инвентарлар билан таъминланиши, халқаро мусобақалар тажрибасини йиғиб борилиши назорат қилинса, уларда Париж Олимпиадаси йўлланмалари учун курашишда катта имконият бўлади. Аввало, ёшларнинг ўзида катта хоҳиш бўлиши керак. Ёмғир ёки қор ёғсаю, ундан қочиб машғулот қилмаса, дангасалик қилса, албатта, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

– Мазмунли суҳбат учун раҳмат. Олдингизга қўйган мақсадларингиз йўлида куч-ғайрат ва омад тилаб қоламиз.
– Раҳмат.

UFF.uz Спорт Велоспорт
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Москвада Премьер-лига мусобақаси бошланади
00:41
ХОҚ Ижроия қўмитаси Токио-2020 Олимпиадаси учун бокс бўйича йўлланмалар қай тартибда ўйналишини эълон қилди
09:22
Конор Макрегор дунёнинг энг яхши спортчиси кимлигига ойдинлик киритди
15:49
Спорт курашлари ва дзюдо бўйича терма жамоаларимиз Японияга жўнаб кетмоқда
16:18