Миллатнинг муқаддас бойлиги

Бундан 30 йил олдин 21 октябр куни “Давлат тили ҳақида” ги қонун қабул қилинганда кўпчилик ҳатто ишонмаган эди. Ватанимиз тарихидаги том маънодаги бу буюк воқеа бугунги мустақиллик авлодлари учун гўё бир эртакдек туюлиши мумкин. Дархақиқат, биринчи президентимизнинг қарорлари сабаб, миллатимизнинг муқаддас бойлиги она тилимиз ўзимизга қайтариб берилганди ўшанда. Юртимизнинг хоҳлаган жойида эмин эркин ўзбек тилида гаплашиш имконига эга бўлдик. Аслида қалбида миллий ғурур туйғулари жўш урган ҳар бир миллатдошимиз учун бунданда ортиқ бахт бўлмаса керак.

Ўзбек тили Ер юзидаги ўта қадим ва бой тиллардан биридир. Бир неча минг йиллик маданиятимиз тарихида халқимиз бадиий тафаккури ва тилимиз қудратининг маҳсули сифатида юзага келган нафис сўз санъати дурдоналари беҳисоб. Уларнинг аксарияти асрлар оша туркий тафаккур теранлиги ўлароқ жаҳон сўз  саньатининг тўрида савлат тўкиб турибди.

Шукурлар бўлсинки, бугунги доруломон кунларда мамлакатимиз расмий идораларида иш асосан давлат тилида юритилмоқда. Давлат хокимяти ва бошқаруви органларининг хужжатлари давлат тилида қабул қилинмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудида яшовчи бошқа миллат ва элатларнинг тилларига ҳам иззат-хурмат билан муносабатда бўлинмоқда, уларнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда.
Давлат тилига ҳурмат-эхтиром нафақат меъёрий хужжатларда, расмий идораларда, балки кўча-куйларда битиклар, лавхалар, ўйингохлар эълонлар тахтасида, футбол жамоалари номларида ва айниқса шу юртда яшаётган инсонлар онгу тафаккурида ўзининг яққол ифодасини топаётир.

Миллий футболимизда ҳам она тилимизга бўлган эътибор ўзгарди. Чемпионатимизда қатнашаётган жамоалар ўзимизнинг ўзбек тилида номлана бошланди. Бугун “Бунёдкор”, “Насаф”, “Бухоро”, “Суғдиёна” каби жамоалар номини эшитган ҳар бир миллатдошимиз бу номлар аслида нимани англатишини яхши тушинишади.   

Аксарият футбол терминлари эндиликда ўзбек тилида айтила бошлангани, ўқув-услубий таъминот ва назарий билимлар она тилимизда олиб борилиши алабатта барчамизни бирдек хурсанд қилади.

Аммо, таассуф билан айтиш лозимки, спортнинг баъзи турлари каби миллий футболимизда ҳам она тилимизни бузиш ҳолларини аксарият паллада кузатиб қоламиз. Ўзбек миллатига мансуб бўла туриб, ўзбек тилида берган саволингизга ўйлана-ўйлана рус тилида жавоб қайтарадиган мураббийларимиз ҳам учраб туради. Ўйинлар пайтида ўзбек мураббийларини ўзбек футболчиларга қарата рус тилида кўрсатма бераётганини қайси мухлис кўрмаган! Ишончим комилки барча кўрган. Олмалиқ шаҳрининг “АГМК” дея тушинарсиз номланаётган жамоаси Суперлигани безаб турибди дея ким айта олади!

Юқоридаги сўзлар билан кимнидир ёки қайсидир футболчини қораламоқчи эмасмиз, асло ҳорижий тиллар айниқса рус, инглиз тиллари футболимиз учун кони фойда. Лекин, миллатимизнинг муқаддас бойлиги, ўзбек деган буюк номни англатувчи она тилимизни тўлиқ билишсин. Керак бўлса, энди ҳориждан келиб чемпионатимизда тўп сураётган легионер ўйинчилар ҳам ўзбек тилини ўрганишсин.

Бугунги кунда инглиз тилига бўлган эътибор шу қадар кучайдики, уни барча соха вакиллари билиши талаб этилмоқда, шу жумладан футбол жамоатчилиги ҳам. Футболчи ва мураббийларимиз ҳорижий тилларни қанчалик кўп ўрганса ёки ундан тўғри фойдаланса футболимиз учун катта фойда бўлади. Лекин ўз она тилини ўзбек тилини унитишмасин.

Аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бу бебахо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, бойитиш, нуфузини янада ошириш, келажак авлодга уни бутун жозибаси ва гўзаллиги билан етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, тил-миллат кўзгуси, унинг ўзлигини маънавий қиёфасини кўрсатувчи бебахо бойликдир.
                                                                                
Хайрулло ВАСИЕВ

Ўқилган: 2973
Таҳлилий мақолалар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича