«Реал Мадрид» – шубҳасиз, буюк клуб. Мазкур клубда тўп суриш кўпларнинг орзуси. Клубнинг ўзи эса кимни харид қилишни истаса, эртами, кечми бу мақсадига эришади. 
 
Аммо, «Қироллик клуби» таклифини рад этган футболчилар ҳам топилади.  Бу тоифадаги футболчиларнинг кўпчилиги ўз клубида қолиб, жамоа афсонасига айланишган. Ҳозир шу тоифага мансуб баъзи футболчилар ҳақида сўз юритамиз.
 
Патрик Виейра. 2003 йилда «Қироллик клуби» майдон марказида балансни ушлаб турадиган Клод Макелелени «Челси»га сотгач, жамоа ўйинида сезиларли пасайиш юзага келганди. Шунинг учун, 2004 йилда «Реал» майдон марказида рақибларни зарарсизлантира оладиган таянч футболчисига муҳтожлик сеза бошлади. Клуб раҳбарияти франциялик Патрик Виейра номзодини маъқул кўрди.
 
 
Патрик ўша пайтда 28 ёшда бўлиб, «Арсенал» клуби шарафини ҳимоя қиларди. У Мадриддан келган хабарни олгач, эсанкираб қолмади. Аксинча, яна бир йил «тўпчилар» сафида қолиб, келаси мавсум Туриннинг «Ювентус» клуби таркибига бориб қўшилишни афзал билди.
Виейра трансфери ўхшамагач, 2004 йилнинг ёзида даниялик Томас Гравесен харид қилинганди.
 
Франческо Тотти. Мухлисларнинг футболчиларга нисбатан муҳаббатлари турли йўллар билан намоён қилинади. Мисол учун, минглаб италиялик футболчилар бор, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам «Гладиатор» ёки «Рим Императори» сингари лақабларга муносиб кўрилмаган. Италиялик футбол мухлислари Франческо Тоттини шундай шарафга муносиб кўришди. Тотти эса бу муҳаббат, ишончга ўз садоқати билан тўла жавоб қайтара олди.
 
 
Гап шундаки, Франческо 2003 йилда қаймоқрангли либос кийиб, «Галлактикос»нинг бир бўлагига айланиш имкониятидан воз кечади. Тотти «Рома» клуби, римлик мухлислар учун бутун фаолиятини бағишлашга қарор қилганди.
 
"Қироллик клуби" эса ўша йилнинг ёзида Давид Бекхэмни сотиб олганди.
 
Даниэле де Росси. «Рома»нинг яна бир садоқатли вакили. Бу футболчи ҳақида ҳам, у буюк, деб айтиш мумкин. Аммо, де Росси Италияда Тотти даражасида эмас. У ҳам клубга ўзини тамоман бағишлади, аммо, римлик мухлислар учун «Бўлажак сардор» бўлиб қолди, холос.
 
 
2011 йилда «Реал» мазкур футболчини сотиб олишга ҳаракат қилган, бунинг учун «Рома» клубига 25 миллион евро таклиф қилганди. Аммо, де Росси Римда қолишни афзал билди.
 
 
«Реал» эса майдон марказини мустаҳкамлаш учун туркиялик Нури Шахин хизматларидан фойдаланганди.
 
Давид Сильва. 2012 йилда «Манчестер Сити» 44 йил ичида биринчи бор мамлакат чемпионлигини тантана қилди. Бу соврин ютилишида жамоанинг юраги вазифасини бажариб берган Давид Сильванинг ўрни бўлакча. Мадриднинг «Реал» клуби ўша йили
Давид Сильвани харид қилиш учун бор имкониятларини ишга солиб кўрди. Аммо, футболчи Манчестердаги ажойиб жамоа ва бахтли ҳаётни ҳеч нарсага алмаштирмаслигини таъкидлаганди.
 
 
«Реал» эса «Тоттенхем»дан Лука Модрични харид қилди. Вақт ўтиши билан мазкур танлов ҳам ўзини тўла оқлади.