Россия миллий жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов Шотландия ва Қозоғистон термаларига қарши учрашувларга таклиф этилган футболчилар рўйхатини эълон қилганди. Ҳужжат РФИ томонидан кенг жамоатчиликка етказилгач, Черчесов ўз танловини асослаб берди.

РПЛ тўпурарлари терма жамоа савиясида эмаслар

- Таркибга оид умумий савол - ихтиёрингиздаги ўйинчилардан қониқишингиз қай даражада?

- Чемпионат старт олди, еврокубоклар доирасида ўйинлар бўлиб ўтди. Биз ўзимиздаги мавжуд таркиб футболчилари ўйинларини таҳлил қиляпмиз. Шуни унутмаслик керакки, Шотландия ва Қозоғистон - турлича жамоалар. Бизнинг вазифамиз - рақибларимизга тактик жиҳатдан мос келадиган ўйинчиларни танлаб олиш.

- Ёшлар терма жамоасининг ўйинлари танловингизга таъсир этдими?

- Ёшлар жамоаси расмий учрашувларда майдонга тушмоқда. Шу боис, ёндашувимиз қоидаси қуйидагича: қайсидир футболчини асосий таркибга мўлжалламаган бўлсак, уни безовта қилмаймиз. Бу қоида чемпионатда ёрқин ўйин кўрсатаётган Чалов ва унга ўхшаган футболчиларга ҳам тегишли. Бироқ таркибдан четда қолишгани уларнинг ёмон футболчилар эканликларини англатмайди.

- Ёшлар термаси билан спарринг ўтказиш мумкинми? Таркибидан хулоса чиқарадиган бўлсак, асосий жамоага муносиб қаршилик кўрсата оладигандек...

- У Сербияга муносиб қаршилик кўрсатиш ҳақида бош қотирсин. Биз жангсиз ҳам тайёргарлик кўраверамиз. Қолаверса, 6-санада бизда ҳам, уларда ҳам ўйин бор. Шу сабабли ёшлар термаси билан назорат учрашуви мавзусини ўйлаб ҳам ўтирмадик.

- Терма жамоанинг таркиби хусусида қандайдир иккиланишлар ҳам бўлдими?

- Йўқ, бизда иккиланишлар эмас, мукаммал таҳлил мавжуд. Шунга асосланиб у ёки бу футболчини таклиф этамиз. Мақсадимиз - шунчаки жамоани эмас, балки мавжуд рақибларимизга қарши муносиб тўп сура оладиган жамоани яратиш. Бошқа рақибларга қарши ўйнашимизга тўғри келганида, таркиб ҳам ўзгача бўлиши мумкин эди.

- Бакаевнинг таркибга киритилгани яққол кўзга ташланиб турибди, терма жамоадаги ягона янги ўйинчи.

- Жанаев ҳам янги аъзо, агар унинг анчадан бери терма жамоага чақирилмаганини ҳисобга олсак. Иккинчи марта жалб этилаётган Комличенко ҳам. Баринов борасида ҳам шундай фикр билдириш мумкин.

- Британия визаларини олиш муаммога сабаб бўлиши мумкин, деган эдингиз. Танловга бу жиҳат ҳам таъсир этдими?

- Йўқ-йўқ, биз бу борада етарли рўйхатга эга бўлдик. Тахминан элликка яқин. Чунки кутилмаган вазиятлар юз бериши мумкин. Ахир биз бу ерда эмас, Европада майдонга тушамиз, 1-2 кун ичида визага эга бўлишнинг иложи йўқ. Олдинда бизни тур ва еврокубок баҳслари кутмоқда. Шунга тайёр туришимиз лозим.

РПЛ ва Соболев хусусида

- Шанба оқшомидаги ички чемпионат ўйинларидан «Уфа» - «Зенит» учрашувини кузатишга қарор қилдингиз. Нима учун «Краснодар» - «Локомотив»ни эмас?

- Нима учун шундай қилганимни айтмайман. Уфага учдимми, демак, шундай қилиш керак эди. Қолаверса, «Краснодар»нинг қайси ўйинчиси термага жалб этилган? Фақат Петров. «Локомотив»ни эса ҳар ҳафта кўраман, уйим стадион яқинида жойлашган. Барча ўйинчилари 20 марталаб йиғинда бўлишган - уларни кузатишдан не фойда?

- Уфада нималарни кўришга муваффақ бўлдингиз?

- Нимани кўриш лозим бўлса, шуни. Баъзан ўзингга ёқадиганни эмас, балки аксинча, ёқмайдиган ўйинчини аниқлаш талаб этилади.

- РПЛ турнир жадвалида бир қатор жамоалар 14 очкодан жамғаришди. Кучли рақобатдан мамнунмисиз?

- Вазиятнинг бирор-бир жиҳати мени қизиқтирмайди. Яна 3 турдан кейин жадвал тамоман ўзгача кўриниш олиши мумкин. Ҳар қандай ўйинда мен фақат ўзим учун керакли жиҳатга эътибор қаратаман, ҳиссиётларга эмас.

- Жамоангизда «Рубин»нинг бирорта вакили йўқ. Уларнинг қайси жиҳати сизни қониқтирмаяпти?

- Аксинча, мени ҳаммаси қониқтиради. Бу сафар биз шундай қарорга келдик.

- Ўйинчилар билан танишиш учун терма жамоага чақириб турасизми? Мавсумни сермаҳсул бошлаган Соболевни жалб этиш фикри туғилмадими?

- Йўқ, ҳар қандай ишнинг ўз мавриди бўлади. У эндигина ўз фазилатларини намойиш эта бошлади. Бу ижобий ҳолат давом этишидан умидвормиз. Қолаверса, биз Комличенкога таклиф юбордик. Қани, кўрайлик-чи, бу сафар у ўзини кўрсата олармикан?

Терма жамоадаги легионерлар

- «Млада Болеслав»нинг сўнгги ўйинидаги «покер» Комличенкони жалб этишингизга туртки бўлдими?

- Йўқ, нима учунлигини ҳозир тушунтириб бераман. Комличенко еврокубокларда гол урмоқда, ҳисобида 7та гол бор. «Покер» - қўшимча бонус. Аввалги йиғинда нима бўлгани бошқа масала. Ўшанда бир қатор мавзуларда кенгашиб олгандик. Қанчалик ўзлаштиргани энди маълум бўлади. Футболчининг бирданига ишончли ўйнаши ҳадеганда кузатилавермайди.

- Караваев ҳам шундай вазиятдами?

- Ҳа, тахминан шундай. У самарали узатмалар устаси, яқинда гол ҳам урди. Аввалги йиғинни тўй сабабли ўтказиб юборганди. Шу боис, имкон беришга қарор қилдик ва ундан унумли фойдаланишига умидвормиз. Ҳаммаси ўзига боғлиқ.

- Караваев ва Комличенколар келажаги мавҳумлигича қолаётгани сизни ташвишлантирмайдими?

- Йўқ. Агар у ёқ, бу ёққа чалғийдиган бўлишса, уйларига қайтариб юборамиз. Комличенко 4та гол уриб улгурди. Демак, гап-сўзларга эътибор бермаяпти.

- Нойштедтернинг Россияга кўчиб ўтишига нима дейсиз?

- Бу хабарни хотиржам қабул қиламан. Уни «Бешиктош», «Фенербахче» ёки «Майнц»да ҳам шундай кузатган бўлардим. Муҳими, у ўз жамоаси ва мунтазам ўйин амалиётига эга, 2та ўйин ўтказишга улгурди. Гарчи биз мўлжалламаган позицияда майдонга тушган бўлсада, бу жиҳат биз учун бонус. Зарур пайтда ҳимоя марказидан таянч ярим ҳимоячиси чизиғига ўта олиши - унинг ижобий жиҳати. Шу сабабли Нойштедтер таркибда, Сорокин эса - йўқ.

- Головиннинг Франциядаги барча ўйинларини кўриб улгурдингизми?

- У фақат икки марта майдонга тушди, 1-турни дисквалификация туфайли ўтказиб юборди. Ўйинини кўрдим: 2 учрашувни 2 хил позицияда ўтказди. Ўйлашимча, терма жамоадаги позицияси унга яқинроқ. Ички чемпионат энди старт олди, прогресс хусусида гапиришга ҳали эрта. Лекин кўрганларимиз бизни қониқтирди.

- Денис Черишев билан мулоқот қилдингизми?

- Ҳа, унинг ҳолати рисоладагидек - жисмоний ва руҳий жиҳатлари талаб даражасида. Ўйинлардан бирида Денис захирадан майдонга тушиб, пенальти ишлади. У ерда ҳам мусобақа энди бошланди, «Валенсия»да қанча вақт беришлари номаълум.

Таркибдаги нозик жиҳатлар...

Рақиблар, Дзюба ва унинг рақобатчиси...


Давоми бор. Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL газетасида ўқишингиз мумкин