Дзюдо ўз ватанига қайтмоқда ёхуд жаҳон чемпионатига превью

Яна 5 кундан кейин барчамизнинг эътиборимиз дзюдо бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатига қаратилади. Мезбон шаҳар номини айтиш учун кўплаб таърифлар бериш мумкин: кунчиқар юрт пойтахти, бўлажак Олимпиада мезбони, дзюдо ватани ва ҳоказо. Яхшиси, буни ўзингизга ёққан вариантда танлаб ола қолинг. 25 августдан 1 сентябрга қадар Токио жаҳон дзюдо юлдузларини ўзида жамлайди. Шу ўринда, мазкур жаҳон чемпионатига оид бир қатор эътиборли жиҳатларга тўхталиб ўтсак.

“Nippon Budokan” аренаси

Беллашувлар Токиодаги “Nippon Budokan” аренасида бўлиб ўтади. Кеча Токио бўйлаб Олимпиададан аввал синов мусобақалари ўтказилаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Ушбу жаҳон чемпионати дзюдо баҳслари учун синов мусобақаси вазифасини бажариб беради. Арена номи таржима қилинганида “жанговор санъат зали” маъносини беради. Бу ерда дзюдодан ташқари каратэ, айкидо, UFC ва профессионал бокс жанглари, бир қатор спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатлари ташкил қилинган. Аренанинг ўзи 1964 йили Токио мезбонлигида ўтган Олимпия ўйинлари учун қурилган бўлиб, 14 мингдан зиёд мухлисни ўз бағрига сиғдира олади ва 55 йиллик тарихи мобайнида кўплаб унутилмас воқеликларга мезбон бўлди. Жумладан, 1976 йил афсонавий Муҳаммад Али мана шу аренада япониялик Антонио Инокига қарши жанг қилган. Қоида шундай эдики, Али бокс, Иноки япон жанг санъати қоидалари бўйича рингга чиққан. Ер юзининг 1.5 миллиард аҳолиси жонли эфирда томоша қилган баҳс дуранг билан хотима топган. Шунингдек, бу аренада ўз замонасининг машҳурлари “ABBA”, “Queen” гуруҳлари, Фрэнк Синатра, Брайан Адамс, Бейонсе каби мусиқа юлдузлари ўз концерт дастурларини япон халқига тақдим қилган.

ЖЧнинг эътиборли рақамлари

Ана энди ўтмишни унутиб, бўлажак мусобақага тўхталсак. Регламентга кўра, баҳслар эркаклар ва аёллар ўртасида 7 тадан вазн тоифасида 7 кун ва аралаш жамоавий йўналиши билан жами 8 кун бўлади. Бу жаҳон чемпионати ҳисоб бўйича ўттиз учинчисидир. Эътиборлиси, унда рекорд даражада иштирокчи давлат ва спортчилар сони қайд этилиши кутилаётир. Халқаро дзюдо федерацияси расмий сайтида маълум қилинишича, мусобақада иштирок этиш учун 149 мамлакатдан 862 иштирокчи рўйхатдан ўтган. Таққослаш учун, ҳатто Олимпиадаларда 1988 йилгача бунчалик кўп давлат ташриф буюрмаган.

Терма жамоамиз таркиби

Ўзбекистон терма жамоаси эса 11 нафар дзюдочи билан иштирок этмоқда. Шу ўринда уларнинг номларини яна бир бор эслаб ўтсак:

-60 кг: Шарофиддин Лутфиллаев
-60 кг: Диёрбек Ўрозбоев
-66 кг: Шаҳрам Аҳадов
-66 кг: Сардор Нуриллаев
-73 кг: Ҳикматиллоҳ Тўраев
-81 кг: Шарофиддин Болтабоев
-90 кг: Яҳё Имомов
-100 кг: Муҳаммадкарим Хуррамов
+100 кг: Бекмурод Олтибоев
-52 кг: Диёра Келдиёрова
-70 кг: Гулноза Матниязова

Фарҳод Тўраев мураббийлигида шуғулланаётган вакилларимиз айни пайтда Япониянинг Майдзуру шаҳрида тайёргарликнинг сўнги босқичини олиб боришмоқда.

“Майдзуру йиғинининг ташкил қилингани терма жамоамиз учун кўп жиҳатлари билан жуда фойдали. Масалан, маҳаллий об-ҳаво ва вақт минтақасига, озиқ-овқатларига тўла мослашиб улгурамиз. Мусобақадан аввалги 1 ҳафталик қаттиқ машғулот катта фойда бермайди. Шу боис ҳам ҳозир бу шаҳардаги дзюдо мактабида енгил машқлар билан шуғулланяпмиз. Асосий тайёргарлик Тошкентда бўлган. Жаҳон чемпионати йилда 1 марта бўлади. Мусобақа статусини номи ҳам айтиб турибди. Қолаверса, бу дунё биринчилиги келаси йилги Токио Олимпиадаси рейтинги учун энг йирик очколарни жамғариб олиш имкониятини ҳам беради. Ўз вазнимдаги рақибларим хусусида тўхталиб ўтсам, медаль йўлида Аарон Вольф (Япония), Гухам Чо (Жанубий Корея), Варлам Липартелиани (Грузия) ва яна бир қатор дзюдочиларни асосий рақобатчи деб биламан. Ҳаммада тайёргарлик яхши. Буёғини татамидаги баҳс кўрсатиб беради”, – деди терма жамоа аъзоси Муҳаммадкарим Хуррамов.

Таркибдан тушиб қолган муносиблар

Жаҳон чемпионатлари регламентига кўра, бир терма жамоа экраклар ва аёллар тоифасида 9 нафардан спортчини мусобақага қўйиши мумкин. Шунда қайсидир 2 вазн тоифасида икки нафардан дзюдочи иштирок этади. Терма жамоамизда рақобат анча кучли. Айниқса, жаҳон чемпионати учун. Жамоамизда шундай дзюдочилар борки, улар ҳам Токиода курашишга муносиб, бироқ регламент ва саломатлик сабаб баъзи вакилларимиз ЖЧнинг асосий таркибидан тушиб қолишди. Уларнинг номини эса эслаб ўтмай илож йўқ: Кемран Нуриллаев (-60 кг. Нуриллаев Японияда. У шахсий биринчилик учун рўйхатдан ўтмаган, лекин жамоавий баҳсда курашиши мумкин), Муҳриддин Тиловов (-66 кг), Ғиёсжон Бобоев (-73 кг), Камолиддин Расулов ва Мусо Собиров (-81 кг), Давлат Бобонов ва Шаҳзод Собиров (-90 кг), Шерали Жўраев (-100 кг) ва Алишер Юсупов (+100 кг). Бу эркаклар жамоаси учун унча-мунча терма жамоа ўз сафида кўришни орзу қиладиган тўлиқ таркиб. Улар Токио Олимпиадаси йўлида бой берилаётган очколарни келаси ой Тошкент Гран-присида қоплаб олишлари мумкин.

Хотима

Токио бундан 9 йил муқаддам ҳам жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. Ўша таркиб билан солиштирсак, терма жамоамиз тўлиқ янгиланган. 2010 йил афсонавий Ришод Собиров -60 килограмм вазн тоифасида жаҳонда тенгсиз эканлигини яна бир карра намойиш этиб, олтин медаль билан юртимизга қайтиб келган эди.

Бу гал ҳам полвонларимиз мана шундай ғалабалари билан Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрамига ўз хиссаларини қўшишини тилаб қоламиз.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Токио шаҳри мезбонлик қиладиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этаётган терма жамоамиз вакилларига улкан зафарлар тилаб қолади.

UFF.uz Спорт Дзюдо
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Тошкентда таэквондо бўйича жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
20:56
Велоспортчиларимизнинг Осиё кубогидаги старти муваффақиятли бўлди
13:24
Волейболчиларимиз Непалдаги халқаро мусобақадан қайтиб келишди
07:16
Ўсмирларимиз ўзбек бокси тарихида янги саҳифа очишди
18:34