Ўзбек футболида Африка вакиллари ("ИнтерФутбол" блоги)

Суперлига жамоалари иккинчи даврага ҳозирлик жараёнида бир қатор легионерларни кўрикдан ўтказишди. Мураббийлар талабига жавоб берган, ўқув-машғулот йиғинларида ўзини кўрсата олганлар билан шартнома имзоланди. Дмитрий Островский, Евгений Чумак «Бунёдкор» сафига келиб қўшилган бўлса, Милован Капор, Фатхулло Фатхуллоев, шунингдек, трансфер ойнасининг сўнгги кунларида Липартия Жаба, Вили Исьяни «Бухоро» бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиевнинг талабига биноан, жамоа сафини тўлдиришди. Эътиборли жиҳати, йиғинлар давомида африкалик футболчилар ҳам иштирок этишди. Бироқ уларнинг ҳеч бирига ўзбек жамоаларида қолиш насиб қилмади.

«Қалдирғочлар»нинг Минскдаги йиғинида кўриниш берган Муҳаммад Лемина Диалло 4та ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, икки бор дарвозани ишғол қилган бўлсада, унинг ҳаракатлари Вадим Карленовичга маъқул келмади. Мутахассис мазкур ҳолатни қуйидагича изоҳлади: «Африкалик футболчи тўрт ўйинда иккита гол урди. Бироқ унда аниқ бир мактаб шаклланмаган». «Қўқон-1912» таркибида бир нечта назорат баҳсларида иштирок этган Вилям Миканда ҳам ортга қайтишга мажбур бўлди. Шундай паллада яқин ўтмишнинг ажойиб футболчилари Ихеруоме Уче, Дэвид Ония, Патрик Агбо кабилар мухлислар кўз олдига келса, ажабмас. Уларнинг юртимизда ишқибозлари кўп эканлигини пайқаш қийин эмас Шуни инобатга олган ҳолда, ушбу футболчилар ҳақида мақола тайёрлаш истаги туғилди.

Ихеруоме Уче. Нигериялик бу иқтидор соҳибини юртимизда футболга алоқадор барча яхши танийди. 2005 йили 18 ёшида Нигериянинг «Юлиус Бергер» клубидан «Пахтакор» жамоасига келган Уче мамлакатимизда тезда танилди. Унинг кичик жуссаси, чаққон ҳаракатлари рақиб ҳимоячиларини шошириб қўярди. Қанот ва марказий ҳужумда бирдек барқарор ўйин намойиш эта олиш қобилиятига эга футболчи кўпгина ҳолларда жамоасига ғалаба келтирувчи голларга муаллифлик қилганди. Олий лига-2007 доирасида ўтказилган «Қизилқум»га қарши баҳсда «хет-трик» қайд этиб, ўзига хос рекорд ўрнатди. Яъни, у миллий чемпионатимизда энг тезкор «хет-трик»ка эришган футболчилар қаторига кирди. Уч йилни «шерлар» билан бирга ўтказган Уче диққатга арзигулик совринларни қўлга киритди. Кетма-кет уч марта Ўзбекистон чемпиони ва мамлакат кубоги соҳибига айланди. 2007 йилги кубок финалидаги «лой жанги»да пенальтилар сериясида «Қурувчи» дарвозасини аниқ нишонга олиб, қайсидир маънода ғалабага муносиб улуш қўшди.

«Пахтакор» билан 2007 йили МДҲ кубогида зафар қучди. 2008 йилги мавсум аввалида «шерлар» ўз таркибларини бир қатор кучли футболчилар билан тўлдириб олишди, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган Фабио Пинто таклиф этилди. Қолаверса, клуб академиясидан иқтидорли ёшлар етишиб чиқаётгани боис, Учени клуб Эроннинг «Мес Керман» жамоасига, сўнг бир давра «Шўртан»га ижарага берди. Ихеруоме ғузорликлар сафида 32та ўйинда 25та гол уриб, жамоа тўпурари бўлди. Шундай бўлсада, барибир, у «Пахтакор»нинг асосий таркибида бошқа майдонга тушмади. Ижара асосида «Вентспилс», «Шаҳин Бушер» жамоаларида ўйнаган Уче 2010 йили «Пахтакор» билан хайр­лашди. Бу ерда у умумий ҳисобда 41 ўйинда 38та гол урганди. Уче кейинги тақдирини Вьетнам футболи билан боғлади. Айни пайт у «Тан Хаи» клуби аъзоси саналади. Таъкидлаш жоизки, Ихеруоме футболчи сифатида айнан Ўзбекистонда танилди.

Дэвид Ония. Самарқандлик мухлисларнинг ёқтимтойи бўлган Дэвид «Динамо» таркибига Бокунинг «Нефт­чи» жамоасидан келиб қўшилганди. 2007 йили кўҳна шаҳар жамоасига Тачмурод Агамуродов бош мураббий этиб тайинлангач, таркибни кучайтиришга киришди. Аввало, Ония бошчилигида ҳимоя тартибга солинди. Унинг мудофаа чизиғидаги ноодатий қарорлари, курашга иштиёқи баландлиги ҳақиқий легионерларга хос хислат бўлган. Даст­лабки мавсумда «Динамо» олий лигада муносиб қатнашди, кейинги йил ҳам самарқандликлар учун ёмон ўтди, дейиш қийин. Қайд этилган натижаларда Ониянинг ҳам ҳиссаси катта, албатта. У шу қадар ажойиб ўйин намойиш этардики, мухлислар айнан унинг ҳаракатларини кузатиш учун стадионга ташриф буюрардилар.

Нигериялик футболчи жонажон клубида энг кўп ўйин ўтказганлар қаторига кирди. Кўрсаткич ажойиб - 107 ўйин 6 гол. Маълумотларга қараганда, ҳатто унга Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнаш таклифини билдиришган. Лекин маълум сабабларга кўра бу режа амалга ошмаган. Ониянинг бу каби юқори натижалари пойтахт грандлари эътиборини тортиши табиий ҳол эди. 2012 йилнинг бошида у ўша пайтдаги қудратли клуб - «Бунёдкор» билан шартнома имзолади. Бироқ айрим сабабларга кўра битим муддатидан аввал бекор қилинди. Ония «қалдирғочлар» сафида бирорта ўйинда иштирок этмади.

Иккинчи даврада «Бухоро» жамоасига кўчиб ўтган ҳимоячи етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлди. Аммо афсуски, Дэвидни бу давр­га келиб жароҳатлар, аниқроғи, юраги билан боғлиқ муаммолар қийнай бошлади. Шунинг учун у 2014 йилни майдондан ташқарида ўтказди. ПФЛ тиббиёт комиссияси унга рухсат бермагани учун, 2015 йили Малайзиянинг «Т-Тим» клуби либосида бир нечта учрашувларда иштирок этди. Буни қарангки, Онияга Ўзбекис­тондаги шифокорларнинг тақиқи бежиз эмас экан. Малайзия чемпионати навбатдаги тур ўйинларининг бирида Дэвиднинг юраги тўсатдан хуруж қилди. Шу тариқа у яшил майдонда вафот этди. Самар-қанд аҳли учун ёрқин лаҳзаларни туҳфа этган Онияни мухлислар ҳали-ҳамон ёдларида сақлашади.

Патрик Агбо. Бу футболчи юқорида номи қайд этилган футболчиларга нисбатан Ўзбекистонда кўпроқ жамоалар шарафини ҳимоя қилган. Умуман, Агбонинг фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, бир жамоада узоқ тўп сурмаганини кўришимиз мумкин. Аниқроғи, бирор клубда бир мавсумдан ортиқ ўйнамаган. Агбо бу анъанасини Ўзбекистонда ҳам давом эттирди. 2004 йили Раҳим Қурбонмамедов устозлик қилган «Навбаҳор»­да маҳоратини намойиш қилди. Биринчи давра давомида 13 учрашувда майдонга тушган Агбо рақиблар дарвозасини етти бор иш-ғол қилди. Хуллас, унинг Наманганга мослашиши ўзи кутганидан ҳам тез кечди. Лекин нима учундир мураббий нигериялик ҳужумчига кейинги даврада ишонч билдирмади.

Натижада Патрик ижара асосида «Бананц» клубида тўп суриб, 2005-2006 мавсумни яна Наманганда ўтказади. 2007 йили «Қурувчи» таклифини қабул қилган Агбо мазкур жамоа билан кубок финалида ўйнади, кумуш медаль соҳиби бўлди. Аммо у ўз одатига содиқ қолиб, 2008 йилда «Динамо»да, 2009-2010 йилларда «Шўртан»да тўп суриб, яна бир мавсум «Навбаҳор» учун ўйнади. Сўнгра яна воҳа томонларга қайтди ва /узор жамоаси унинг Ўзбекистондаги охирги клуби бўлди.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL  газетасининг расмий сайтида ўқийсиз...

Ўқилган: 3027
Блоглар Ўзбек футболи

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича