Спорт курашлари ва дзюдо бўйича терма жамоаларимиз Японияга жўнаб кетмоқда

2017 йил Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Япониянинг Майдзуру шаҳар мэрияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланган. Ушбу дастур асосида бир қатор терма жамоаларимиз кунчиқар юртда ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришган эди. Мазкур дўстона алоқалар бу йил ҳам давом этмоқда. Спорт курашлари ва дзюдо спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз 15 август куни ўқув-машғулот йиғинларини олиб бориш учун Япониянинг Майдзуру шаҳрига жўнаб кетишади. Бугун Майдзуру шаҳрининг мэри Рёзе Татами бошчилигидаги делегация Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Меҳмонларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов кутиб олди.

“Икки мамлакат спортида давом эттирилаётган бундай ҳамкорлик учун ташаккур айтаман. Дарҳақиқат, Япония спортнинг яккакураш турларида, айниқса, дзюдо, спорт курашларида жаҳоннинг етакчи терма жамоаларидан саналади. Майдзуруда ташкил этиладиган йиғин спортчиларимиз учун жуда ҳам фойдали. Яна бир неча кундан сўнг Токиода дзюдо бўйича жаҳон чемпионати старт олади. Шу боис йиғин дзюдочиларимиз учун тайёргарликнинг сўнгги босқичи бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, ушбу йиғинни Токио Олимпиадасига тайёргарлик босқичларидан бири, десак ҳам муболаға бўлмайди”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида Рёзе Татами ҳам мазкур ҳамкорлик ва йиғин бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Майдзуру шаҳри ҳам бундай ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди. Тузилган меморандум асосида олиб борилаётган мазкур тадбирлар терма жамоаларимиз учун жуда ҳам фойдали. Бу борада аввал ҳам ҳамкорлик ишлари олиб борилган бўлиб, уларнинг барчаси ижобий таассурот қолдирган. Майдзуру шаҳрида ўзбекистонлик спортчилар ўзларини уйларидагидек ҳис қилишлари учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”, – деди Рёзе Татами.

Суҳбат давомида Рустам Шоабдураҳмоновга Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси вице-президенти Ахрол Рўзиев ҳамда МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов ҳамроҳлик қилди. Учрашув якунига етганидан кейин меҳмонлар МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига ташриф буюриб, у ерда спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

Майдзуру шаҳрида ўтадиган 1 ҳафталик йиғинга дзюдо спортида асосий таркиб, спорт курашлари бўйича эса ўсмирлар ва ёшлар терма жамоамиз вакиллари жалб этилган.

UFF.uz Спорт Дзюдо
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Токио-2020 Паралимпиадасига лицензия қўлга киритган қаҳрамонларимиз муносиб кутиб олинди
19:21
Хабиб Нурмагомедов: Мен Роналдунинг ҳаёти учун жавоб бермоқчи эмасман
07:11
Тошкентда таэквондо бўйича жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
20:56
Шаҳобиддин Зоировдан нокаут ва бошқа боксчиларимизнинг натижалари
09:30