“Ас Садд” – “Пахтакор”. Превью

Бугун D гуруҳи пешқадами Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Доҳада “Ас Садд”га қарши ўйин ўтказади. Икки ҳафта олдин мазкур жамоаларнинг Тошкентдаги баҳсида жанговар дуранг (2:2) қайд этилганди. “Ас Садд” етакчиси Хавининг дублига ҳамюртларимиз Алижонов ва Чераннинг голлари билан жавоб беришганди.

Ушбу ўйиндаги ғалаба “Пахтакор” учун кейинги босқичга ташланган катта қадам бўлади. Жамоа 9 йил деганда илк бор ОЧЛ плеф-оффига йўл олиши мумкин. Ўз навбатида уч очко мезбонлар учун ҳам жуда зарур.

Икки жамоа ҳам ўз миллий чемпионатида етакчилик қилмоқда. Доҳаликлар Қатар чемпионатида муддатидан аввал чемпионликни ҳал қилиб қўйишган бўлса, “шерлар” Ўзбекистон Суперлигасида мағлубиятсиз юришларини давом эттиришмоқда.

Мазкур жамоалар ОЧЛ доирасида 2011 йил ўзаро дуч келишган. Ўшанда “Ас Садд” ўз майдонида 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритган, Тошкентдаги ўйин эса 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якун топганди.

“Садд” жорий мавсум Қатар чемпионатида 22 учрашувда 100 гол уришга эришди. Бағдод Бунежа 39, Акрам Афиф эса 26 гол муаллифи бўлган.

Жамоа таркиби Осиёдаги энг кучлилардан бири ҳисобланади. Хави футболчилик фаолиятини уч йилдан бери “Садд”да давом эттириб келмоқда. Испаниялик яна бир футболчи Габи номи ҳам мухлисларга яхши таниш. У “Хетафе”, “Сарагоса” ва “Атлетико”да тўп тепган.

Жазоирлик ҳужумчи Бағдод Бунежа “Ал Садд” таркибида жами 84 ўйинда 108 гол муаллифи бўлишга улгурди. Яна бир легионер кореялик Чун Ву Ён саналади. Қатар терма жамоаси сафида “Садд”нинг 9 нафар футболчиси Осиё Кубогида ғолиб чиққанини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Бугунги беллашувни мезбонлардан Педро Корреа ва Акрам Афиф сариқ карточкалар билан боғлиқ дисквалификация туфайли ўтказиб юборади. "Пахтакор"да эса бундай йўқотиш мавжуд эмас.

Фото: t.me/Pakhtakor_FC

Ас-Садд Осиё Чемпионлар лигаси Пахтакор
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

"Локомотив" – "Ал Иттиҳод" 1:1. Шарҳ, статистика ва видео!
19:52
ОЧЛ-2019. Бугун 3-тур старт олади
09:10
"Пахтакор"нинг ОЧЛдаги навбатдаги рақиби – "Ал Аҳли"
14:16
“Пахтакор” – “Аc-Садд” ўйинини Фу Минг бошқаради
09:04