EMIRATES авиакомпанияси нима учун футболга катта маблағ ажратмоқда? ("ИнтерФутбол" блоги)

БАА компанияси ҳомийлик шартномасига мувофиқ, биргина «Реал»га 70 млн. евро беради (йилига). «Арсенал»нинг йиллик улуши 40 млн. евро бўлса, «ПСЖ» 25 «лимон» олади. Албатта, барчаси Emirates имиджини кўтаришга қаратилган... Умрида БААга бирор марта учмаган киши ҳам Emirates брендини билса керак. Лоақал ушбу авиагигант ҳақида эшитган. Ҳа, у аллақачон замонавий футболнинг бош авиакомпанияси мақомини олиб улгурди. Бугунги кунда Англия, Испания ва Италиянинг энг кучли клублари либосида шу гуруҳ логотипини кўриш мумкин. Шунингдек, «Арсенал» клуби стадионининг энг кўзга ташланадиган жойида ҳам БАА компанияси номи порлаб турибди.

ҲОМИЙЛИК ҚАНОТИ

Оддий айтганда, Emirates раҳбарияти йилига футбол йўналишидаги реклама ишларига деярли 150 млн. евро ажратмоқда. Араб авиагигантидан манфаатдор бўлаётганлар орасида  клублар қаторида бутун футбол инфратузилмаси бор (бошқарув органлари, турнирлар ташкилотчилари...).

Emirates - 2011 йилдан буён «Реал»нинг яқин ҳамкори. Хусусан, авиакомпания 2013 йилдан эътиборан Мадрид жамоасининг титул ҳомийси сифатида гавдаланмоқда. 2022 йилгача мўлжалланган амалдаги келишувга биноан, «Қироллик клуби» 12 ой учун нақ 70 млн. евро олади. Бу жаҳон футболидаги энг йирик келишувдир. Таққослаш учун айтсак, «МЮ» бош ҳомийси - Chevrolet компаниясидан йилига 62 млн. евро олмоқда, Rakuten эса «Барселона»га 55 «лимон» тўлайди.

Emirates - «Арсенал»нинг титул  ҳомийси. Лондон клуби билан илк шартнома 2004 йили расмийлаштирилган (15 йилга мўлжалланган битимга асосан, компания ўз логотипини клуб формасига жойлаштириш ва стадион номи ҳуқуқи учун 100 млн. фунт тўлади). Ўтган йилнинг февралида эса келишув муддати узайтирилди. Энди Emirates мавсум-2023|2024 охирига қадар «Арсенал»га нақ 200 млн. фунт беради. Хуллас, БАА авиакомпанияси Англияда аллақачон «Хитроу» аэропорти (Лондон) даражасига етди. Маълумот учун айтиш керак, ушбу аэропорт йўловчилар оқими бўйича Европада биринчи ўринда туради, умуман, унинг етакчилик мавқеи жуда мустаҳкам.

Йўловчилар сони бўйича «кўҳна қитъа»даги иккинчи йирик аэропорт - бу «Шарль-де-Голль» (Париж). «ПСЖ» ҳам айнан Emirates рамзи туширилган футболкадан фойдаланади. Ўртадаги шартноманинг йиллик қиймати - 25 млн. евро. Тўғри, Париж клуби янги мавсумдан бошқа ҳомий билан ҳамкорлик қилади.

«Милан». БАА авиакомпанияси Италия клубини 2007 йили ўз қаноти остига олган. 2014 йили эса томонлар умумий қиймати 85 млн. еврога тенг 5 йиллик битимга имзо чекишди.

Emirates - Англия кубоги турнирининг титул ҳомийси. 2015-2018 йилларга мўлжалланган келишувга мувофиқ, Англия ФА ҳар мавсум учун 10 млн. фунт олди. Кейинроқ шартнома муддати 2021 йилгача узайтирилди. Норасмий маълумотларга кўра, битим суммаси ўзгармаган.

Emirates 2006 йили Гамбургдан Дубайга биринчи марта тўғридан-тўғри рейсни амалга оширди ва дарҳол «Гамбург» ҳомийси мақомини олди. Авианаҳанг ҳозирда иккинчи Бундеслигада иштирок этаётган жамоага 7 млн. евро (йилига) тўламоқда. Тўғри, келишув жорий йил ёзида ўз кучини йўқотади.

Emirates шунингдек, «Бенфика», «Олимпиакос», «Нью-Йорк Космос» клублари ва Осиё футбол конфедерациясига ҳомийлик қилмоқда.

Умуман, Emirates спорт оламида футболнинг ўзи билан чекланиб қолаётгани йўқ. БАА компаниясининг ҳомийлик қанотида теннис (US Open, Roland Garros), автоспорт ва мотоспорт («Формула 1»), гольф, регби, от пойгаси, крикет, Австралия футболи каби спорт турлари ҳам бор.

ФУТБОЛГА ИЛК ҚАДАМ

«Арсенал» Emirates билан ишлаётган Лондоннинг ягона ёки биринчи клуби эмас. 2001 йилнинг январь ойида «Челси» раҳбарияти БАА авиакомпанияси билан 4 мавсумга мўлжалланган ва умумий қиймати 96 млн. фунт (йилига 24 «лимон»)га тенг шартнома расмийлаштирилганини эълон қилганди. Ўша вақт бу Британия футболидаги иккинчи йирик келишув бўлганди. Яъни биргина Vodafone «МЮ»га кўпроқ тўларди - йилига 30 млн. фунт. Қолаверса, «аристократлар» жамоаси натижага қараб, бонус шаклида қўшимча маблағ олиш имкониятига эга эдилар. «Челси» ўз навбатида, клуб мутахассисларини Яқин Шарқ футбол мактабларига юборди ва улар маҳаллий болаларни шуғуллантириш баробарида ҳамкасбларига турли курслар ўтказишди. Компания вакиллари айни ўша пайт футболкага бренд номини ёзишдан ташқари, Fly иборасини ҳам қўшиш ғоясини ўйлаб топишди. Натижада жарангдор реклама шиори юзага келди: «Emiratesда учинг». Авиагигантнинг коммуникациялар бўйича собиқ директори Ашфақ Шоҳ илк битимга имзо чекиш жараёнини шундай эслайди: «Челси» билан алоқа ўрнатиш осон бўлмаган. Чунки ўша вақт Буюк Британияда Emirates ҳақида нотўғри тасаввур шаклланган эди. Таҳлилларимиздан аниқ бўлишича, мижозлар Emiratesни алоҳида авиакомпания эмас, балки мамлакат номи сифатида қабул қилишган. Шунда ажойиб ечим топгандик - Fly Emirates бирикмаси ҳаммага маъқул тушди».

Шоҳнинг фикрича, ҳомийлик шартномаси янги бозор, яъни Буюк Британия, хусусан, Лондонда Emirates Airlines обрўсини ошириши керак эди. «Бош мақсадга кўра, Европа бозорига кириб бориш орқали Дубай мавқеини оширишга интилганмиз. Оддий айтганда, шаҳарни европалик сайёҳлар учун энг қизиқарли дам олиш ҳудудига айлантиришни кўзлагандик. Шунинг баробарида Ўрта Шарқ фуқароларини «кўҳна қитъа»га айнан Emirates самолётларида учиш маъқулроқ эканлигига ишонтиришни ўйлаганмиз. Шу тариқа футбол Европа ва Яқин Шарқнинг умумий эҳтиросига айланди», - дейди Ашфақ Шоҳ. Янги асрнинг бошида Emirates Британия томон кунига 6та рейсни амалга оширарди. Бугун эса биргина Лондонга ҳар куни камида 8та рейс бор. Табиийки, йўловчилар сони ҳам кескин кўпайди. Рақамларда ифода этсак, 2015 йили пассажирларнинг кунлик сони 3822 нафарга етди. Ваҳоланки, 2004 йили ҳам ҳаттоки, ҳафталик кўрсаткич бундан паст эди.

«Челси» билан тузилган битим мавсум-2004|2005 якунида тугади. Чунончи, томонлар ҳамкорлик муддатини узайтириш масаласида ўзаро келишолмадилар. Айтиш жоиз, «Челси» Emirates Airlines ҳомийлиги остида Англия чемпиони бўлишдан ташқари, Лига кубоги соҳибига айланди, қолаверса, 2 марта ЧЛ ярим финалига чиқди.

Emirates «ПСЖ»ни йўқотмоқда...

Ҳа, Emirates келаси мавсум «ПСЖ» билан хайрлашади. Нега? Бунда бизнес манфаатларидан кўра, сиёсат таъсири кўпроқ. Парижликлар ва БАА авиакомпанияси 2006 йилдан буён бирга ва айни шартномага мувофиқ, клуб 25 млн. евро (йиллик улуш) олади. Bloomberg маълумотларига таянсак, ҳамкорликнинг тўхтатилишида 2та катта сабаб бор. Биринчидан, «ПСЖ» Неймар трансферидан кейин компаниядан кўпроқ пул ундиришни хоҳлади, шунчаки. L~Equipe нашрида ёзилишича, клуб Emirates раҳбариятидан йиллик улушини 80 млн. еврога кўтаришни талаб қилган. Бироқ амирликлар бунга кўнишмади. Натижаси - айрилиқ. Дарвоқе, «ПСЖ» кейинчалик янги ҳомий топди - меҳмонхоналар оператори Accor. Тахмин қилинишича, клуб ушбу гуруҳдан бир мавсум учун чамаси 50 млн. евро олади. Иккинчидан, БАА ва Қатар ўртасидаги муносабатларнинг бузилгани ҳам «ПСЖ» - Emirates ҳамкорлигига халақит берди. Гап шундаки, 2011 йилдан эътиборан «ПСЖ»га Қатарнинг Qatar Sports Investments гуруҳи эгалик қилмоқда. 2017 йили эса БАА ҳукумати Саудия Арабистони ва яна 2та мамлакат қатори Қатар билан дипломатик алоқаларни батамом узди. Кўпчилик хабардор: Дохага жиддий айбловлар қўйилган (террорчиликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа мамлакатлар ички ишларига аралашиш). Қатар томони ўша вақт барчасига хотиржам қаради: «Афсус, афсус. Ўзаро алоқаларга барҳам бериш қарори ўринсиз, худди илгари сурилган айбловлар каби. Умид қиламизки, Қатарга қаратилган чоралар оддий одамлар ҳаётига салбий таъсир қилмайди».Бироқ амалда алоқалар бузилганининг таъсири ҳаттоки, футболда ҳам яққол билинди. Дейлик, БАА майдонларида ташкиллаштирилган охирги Осиё кубоги турнирида Қатар термаси футболчиларини турли буюмлар, хусусан, енгил оёқ кийимлари билан нишонга олишди. Бу Яқин Шарқда Қатарга нисбатан совуқ муносабат шаклланганининг бир кўриниши, холос. Айтганча, Emirates айни пайт «ПСЖ» ўрнига Франциядан бошқа клуб қидирмоқда. Bloomberg тахминича, авиагуруҳ энди «Марсел»ни ўз қаноти остига олади.

ҲОМИЙЛИКДАН НИМА НАФ?

Ўринли савол: Emirates футбол саҳнасидаги ҳомийлик ишлари ортидан нима топади? Барчасини биргина Кака мисолида кўриб чиқиш мумкин. Муайян клуб формасидаги логотип ёки титул ҳомий номи - бу трансляция давомида миллионлаб киши кўзига тушадиган реклама! Қолаверса, мухлислар севимли жамоалари футболкасини кийиб юриш асносида ҳам ҳомий бренди обрўсини яхшигина кўтаришади. Мисол учун, «ПСЖ» мода ва спортни уйғунлаштириб, Жордан брендига ҳамоҳанг тарзда Fly Emirates ёзувини кўз-кўз қила бошлаганидан буён авиагуруҳ Францияда анча машҳурлашди. Айниқса, Неймарнинг «Барселона»дан «ПСЖ»га ўтиши реклама савиясини ҳам, сонини ҳам кескин оширди. Ҳар ҳолда, бразилиялик юлдуз фамилияси босилган формалар дўконларда қўлма-қўл бўлиб кетди. Аслида муайян ҳомийлик шартномасига сарфланган мағлаб қанчалик наф келтирганини ҳисоблаш жуда мушкул. Фақат айтиш мумкинки, таҳлиллар спорт соҳасида ҳомийлик билан шуғулланаётган аксарият компаниялар иши ёмон эмаслигини кўрсатмоқда. Nielsen маркетинг компанияси вакили Рон Шнайернинг айтишича, ҳомийлик шартномалари самарасини ўлчашда барчаси тахминларга асосланади. «Спортдаги ҳомийлик кўпинча етарли даражада самара беради. Тўғри, бу узоқ муддатга мўлжалланган оддий стратегия. Ҳар бир шартноманинг компания ишига қанчалик таъсир ўтказиши эса унинг тараққиётига қараб, баҳоланади - бренд ва имиджнинг оммалашуви, даромад миқдори, мижозлар сони...», - дейди маркетолог Родриго Гарза. Тўғри, эффект бор-йўқлигини маълум даражада кузатиш ҳам мумкин. Мисол учун, Repucom маркетинг агентлиги  2013 йили муҳим тадқиқот ўтказди. Спорт тадбирларида мунтазам қатнашувчилар иштирокидаги сўров натижаларига кўра, 88 фоиз киши Emirates «Арсенал» стадиони номи ҳуқуқига эга эканлигини билишини айтган. 62 фоиз иштирокчи эса авиакомпанияни клубнинг титул ҳомийси сифатида кўрсатган. Айтиш ўринли, ҳар икки кўрсаткич АПЛ миқёсида энг яхшисидир.

Emiratesнинг корпоратив коммуникациялар бўйича раҳбари Бутрос Бутрос 2015 йили компания бренди қандай оммалашаётгани ва ҳомийлик нима бераётганини кўриб, шунчаки, лол қолган. У бунда барчасига ўша вақт «Милан» сафида тўп суриб, ўз футболкасида авиакомпания логотипини кўз-кўз қилган Кака мисолида амин бўлган. «Бир неча йил олдин янги авиалиния очиш учун Бразилияга борган эдик, - дея эслайди Бутрос. - Ички бозорни ўрганиш жараёнида Emirates мамлакатда энг машҳур халқаро авиакомпания эканлигига амин бўлдик. Ваҳоланки, бирор самолётимиз Бразилия заминига қўнган эмасди. Очиғи, аввалига бунинг сабабини тушонолмадим. Кейин билсам, ҳамма гап Emirates логотипи бор либосда тўп сурадиган Какада экан. Хуллас, бу ҳомийликнинг яққол самараси эди. Умуман, биз худди шундай рекламага эҳтиёж сезаётгандик. «Милан» либосидаги рамзимизнинг узоқ Бразилияда фойдамизга ишлаганида Каканинг хизмати катта. Демак, иложи борича юлдуз футболчиларга эга клублар билан ҳамкорлик қилиш керак». Бутроснинг таъкидлашича, Emirates эндиликда турнирлар бўйича ҳомийлик портфелини қисқартиради. Чунки футболкалардаги реклама анча эффектлироқ: «Одамлар бизнинг рамзимиз босилган формада ўйнаётган юлдузларга кўпроқ эътибор қаратадилар - жуда кучли реклама. Ҳар ҳолда, бу қайсидир турнирга ҳомийлик қилиш ёки компания номини стадион деворига осиб қўйишдан яхшироқ». Emirates шунинг учун ҳам эндиликда ФИФА ва жаҳон чемпионатига ҳомийлик қилмайди, шунингдек, теннис турнирлари номини сотиб олмайди, бунинг ўрнига клублар ва футболчиларга кўпроқ эътибор қаратади.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz  сайтида ўқийсиз...

Ўқилган: 2293
Блоглар Таҳлилий мақолалар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича