“Қизилсевар” қаҳрамон ёки мавсум давомида 5 марта майдондан ҳайдалган "хўроз" ҳақида... ("ИнтерФутбол" блоги)

Альфредо Морелос - «Глазго Рейнжерс»нинг янги етакчиси. «Ливерпул»нинг тирик афсонаси Стивен Жеррард «Рейнжерс» қаддини кўтариш учун изланишдан сира тўхтамаяпти. Аммо «Селтик» Шотландия чемпионати олий дивизионида ҳамон чинакам рақобатни сезаётгани йўқ. Азалий рақиблар ўртасидаги катта фарқ ўз йўлига, аммо «Рейнжерс»нинг яна равон йўлга тушиб олганини алоҳида айтиш керак, барибир. Ҳа, Жеррард жамоасига баъзан барқарорлик тўлиқ шаклланмагани бироз панд бермоқда. Шундай бўлсада, жамоанинг турнир жадвалидаги мавқеи чакки эмас. Ҳар ҳолда, глазголиклар чемпионатни муносиб якунлаш (катта эҳтимолки, 2-ўринда) имкониятига эгалар.

Бугунги «Рейнжерс»да бош ижрочи-голеадор роли 22 ёшли Альфредо Морелос зиммасида. Истиқболли ҳужумчи Премьер-лиганинг 32та турида 17та гол уриш баробарида яна 4тасига ассистентлик қилди. Хуллас, голлар сони бўйича қисқа фаолиятидаги шахсий рекордини ўрнатган Морелос бош тўпурарга аталган соврин учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Бироқ Альфредо асосий ўйин, яъни «Селтик»ка қарши кечган ва жамоасининг 1:2 ҳисобидаги мағлубияти билан тугаган дербида майдондан четлатилди. Диққат қилинг, бу голеадор футболчи учун жорий мавсумдаги 5-қизил карточка ҳисобланади. Тўғри, ёш ҳужумчига кўрсатилган биринчи «қизил» кейинроқ бекор қилинганди, бироқ 4 марта ҳайдалиш ҳам кўп-да, албатта.

Охирги қизил карточкадан сўнг Стивен Жеррарднинг Морелосга нисбатан муҳаббатию ҳурматидан асар ҳам қолмади, шекилли. «Биз уни клуб ичида алоҳида муҳокама қиламиз ва албатта, тегишли жазо чораси белгилаймиз. Альфредо олға интилиши керак, бунинг учун аввало, табиатини ўзгартирмаса бўлмайди. Ҳа, рақиб футболчилари уни издан чиқаришга уринишди, аммо етукликни кўзлаган ўйинчи барчасига чидаши шарт. Акс ҳолда, ҳеч ҳам узоққа боролмайди. Ахир рақибнинг жиғига тегиш ҳолати футболда тез-тез учрайди. Бунга қадар барчасидан кўз юмиб, Альфредони қўллаб-қувватлаб келдим, аммо буёғига уни ҳимоя қилолмайман», - деди инглиз мутахассиси «Селтик»ка қарши кечган ўша аламли учрашувдан сўнг.

Морелос жорий мавсум «Абердин» билан ўйинларда 3 марта қизил карточка олди, шунингдек, «Уфа» (ЕЛда) ҳамда «Селтик»ка қарши баҳсларда ҳам жамоасини оғир аҳволда қолдирди. «Рейнжерс» шу ўйинларнинг атиги 1тасида ғалаба қозонди, холос. Демакки, Альфредо карточкаларининг жамоа натижаларига салбий таъсири катта. Дарвоқе, Морелоснинг майдондан четлатилгани ҳисоб нуқтаи назаридан билинмаган ўша ягона учрашув февраль ойида «Абердин»га қарши кечган. Ҳужумчи ўшанда 57-дақиқадаёқ майдондан чиқиб кетган, аммо бунга қадар рақиб дарвозасини 2 марта ишғол этиб, 4:2 ҳисобига замин яратганди.

«Рейнжерс» Шотландия Премьер-лигаси доирасидаги 32та ўйинда 63 очко тўплади. Шундан 39таси Морелос гол урган ўйинларда қўлга киритилган. Бошқача талқин қилсак, колумбиялик ёш ҳужумчи гол урган учрашувларда «Рейнжерс» бирор марта мағлубиятга учрагани йўқ (12та ғалаба ва 3та дуранг).

Қаҳрамонимиз Шотландия кубогида ҳам ўзини кўрсатди. Мисол учун, у «Килмарнок» билан баҳс (5:0)да «покер»га эришди. Иккинчи томондан, «Абердин»га қарши кечган ўйинларни омадсиз ўтказди - гол уролмагани етмаганидек, 2 марта сариқ карточка олди. Лига кубогига келсак, Морелос бу турнирда биргина  «Данфермлайн» дарвозасини ишғол қилди. У шунингдек, ЕЛ гуруҳ босқичи доирасида «Рапид»га қарши кечган учрашувда «дубл»га эришди.

Морелос ўтган йили ёзда «Бордо» ва Киев «Динамо»си назарига тушганди. Январь ойидаги трансферлар бозорида эса «Ницца» колумбиялик йигит учун «Рейнжерс»га 9 миллион евро таклиф қилди, аммо глазголиклар кўнишмади. Улар ёш ва истиқболли тўпурар трансферидан анча кўп олишни кўзлашмоқда. Германиянинг transfermarkt.де (!!!) сайти эса ҳозирча нархни ошираётгани йўқ - 3 миллион евро. Дарвоқе, Морелос ва клуб ўртасидаги шартнома 2023 йилнинг ёзигача мўлжалланган.

Таҳлилчилар Морелоснинг ўйинига баҳо беришар экан, унинг тажовузкор ҳаракатга мойиллигини ҳам тилга олишяпти. Умумий холосага кўра, ортиқча қизиққонлик унинг ўсиши ва юқори савияга чиқишига халақит бериши мумкин. «Ҳа, ҳар бир футболчи майдонда ўзини ҳимоя қилиши керак, аммо Альфредонинг хатти-ҳаракати ғазабга йўғрилган. Бу ёш ҳужумчининг ягона камчилиги ва катта минус. Кўряпмизки, Морелос ўйиннинг ҳар қандай лаҳзасида қуюшқондан чиқиб кетиши мумкин. Оқибатда кўз ўнгида қизил карточка кўтариб турган ҳакамни кўради. Очиғи, бу аҳмоқлик. Агар мана шу камчилиги йўқотса, трансфери бемалол 15-20 миллион фунтга тортарди, зеро, иқтидори бор, характери эса...» - «Рейнжерс»нинг собиқ футболчиси Чарли Адам колумбиялик ҳужумчини шу маънода ўзгаришга ундамоқда.

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда www.interfutbol.uz сайтида ўқийсиз...

Блоглар Европа миллий чемпионатлари Ҳакамлар
Место для Вашей рекламы

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Яна Роналдунинг турмуш тарзидан “ҳикоя”ча ("ИнтерФутбол" блоги)
05:55
Дмитрий Михайлович блогида. ОФК Чемпионлар лигаси ўйини олдидан клуб рейтингларига назар ташлаймиз
05:15
Нега айнан осиёликлар? ("ИнтерФутбол" блоги)
04:49
Андрей Канчельскис: Ҳоким қўнғироқ қилиб "Бу футболчини эмас, мана бунисини таркибга кирит" дейиши мумкин ("ИнтерФутбол" блоги)
08:16