ЕЧЛ. Бугун чорак финал баҳслари бошланади. Англияда иккита ўйин бўлади

Европа Чемпионлар лигасининг ¼ финал баҳслари бошланади. Олдинда бизларни яна 13та бир-биридан қизиқ учрашувлар кутиб турибди. Бугунги дастурдан иккита ўйин ўрин олган.

“Ливерпуль” – “Порту”
00:00, “Энфилд”

Мерсисайдлар турнирнинг амалдаги финалчиси ҳисобланадилар, Юрген Клопп шогирдлари ўтган мавсум “Порту” билан 1/8 финал босқичида тўқнаш келишган ва икки ўйин натижасига кўра 5:0 ҳисобида португалларни таслим этиб, мусобақадан чиқариб юборишганди. Бироқ айни дамдаги “Порту”нинг ўтган йилгисидан фарқи анча катта.

Қизиллар 1/8 финалда “Бавария”ни доғда қолдиришга муваффақ бўлишди. Дастлаб ўз майдонида нурсиз дуранг қайд этган “Ливерпуль” сафардаги ўйинда рақибига имкон қолдирмади. “Порту” эса драматик учрашувда “Рома”ни мусобақадан чиқариб юборди.

Ушбу икки жамоанинг миллий чемпионатларидаги ҳолатлари бир-бирига ўхшаш. “Ливерпуль” чемпионлик учун “Сити” билан кескин кураш олиб бормоқда. “Порту” ҳам бош соврин йўлида “Бенфика” билан бир хилда очко тўплаб, тўплар нисбати бўйича ортда қолмоқда.

Ўйин олдидан “Ливерпуль”да битта жиддий йўқотиш бор. Бугун дисквалификация сабаб Эндрю Робертсон баҳсни ўтказиб юборади. Унинг ўрнини Жейм Милнер эгаллаши кутилмоқда. “Порту”да эса кадрлар муаммоси ўта жиддий. Учрашувни дисквалификация сабаб тажрибали ҳимоячи Пепе ва асосий ярим ҳимоячи Эктор Эррера ўзтказиб юборишади. Шунингдек, Алекс Теллеснинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида турибди.

“Ливерпуль” бу мавсум ўз уйида фақат бир марта мағлуб бўлди. У ҳам бўлса сентябрь ойидаги Лига Кубоги ўйинида “Челси” (1:2) билан бўлган баҳсда. Шундан бери қизиллар ўз майдонларида мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Бунинг устига “Порту” шу вақтга қадар Англия клубларига қарши ўйинларда оролдан ғалаба билан уйга қайтмаган.


“Тоттенхэм” – “Манчестер Сити”
00:00, “Тоттенхэм Хотспур стэдиум”

Мусобақа чорак финалига тўртта инглиз клуби йўл олди ва уларнинг иккиси мана шу босқичдаёқ ўзаро тўқнаш келади. Бу қарама-қаршилик миллий чемпионат доирасидаги ўйинлардан фарқ қилиши аниқ. АПЛда хато қилинса уни тўғирлашга кейинчалик имкон бўлади, аммо плей-офф ўйинларидаги битта хато уйга берилган чипта билан “тақдирланиши” мумкин. Мазкур жуфтликда Пеп Гвардиола шогирдлари фаворит бўлсаларда, ҳотиржамликка берилиш ярамайди, айниқса ўтган йили “Ливерпул”га имкониятни бой бериб мусобақани тарк этгандан сўнг.

“Тоттенхэм”га 1/8 финалда жиддий рақиб рўбару келди. “Шпорлар” Дортмунднинг “Боруссия”си билан ўйинларда ишончли ғалабаларни қайд этишди, бироқ улар осонликча қўлга киритилгани йўқ. “Сити” эса “Шальке”ни шунчаки ер тишлатди, тўғри сафар ўйинида озгина асабузарлик бўлди, аммо ингиз клуби ўнта бўлиб ўйнаб ҳам ирода намойиш қила олди ва ўз уйида рақибига еттита гол урди.

Ушбу жамоалар мазкур мавсумда бир марта тўқнаш келишди, “Уэмбли”даги баҳс тақдирини Риёд Маҳрезнинг ягона голи ҳал қилганди. Таъкидлаш жоиз, мазкур клублар икки ҳафта ичида уч бор тўқнаш келишади. Жавоб ўйинидан уч кун ўтиб АПЛ баҳсида ўзаро ўйнайдилар. Бугун “Тоттенхэм” ўзининг янги стадионида иккинчи ўйинини ўтказади.

“Тотенхэм”га бугунги баҳсда Эрик Дайер ва Эрик Ламелалар ёрдам бера олишмайди. “Сити” эса Александр Зинченко, Фабиан Делф ва Клаудио Браво хизматларидан фойдалана олмайди.

Ўқилган: 4667
Европа Чемпионлар лигаси Ливерпуль Манчестер Сити Порту Тоттенхэм

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича