Ўзи бажарадиган ишларни муҳим ва номуҳимга ажратиб оладиган, шундай ёндашув асосида режа тузадиган одамларни ҳаётда кўп учратганман. Уларнинг аксарияти билан яхши муносабатдаман. Бизни фақат бир жиҳат фарқлайди, яъни мен ишларимни муҳим ва номуҳимга ажратмайман. Шундай йўл тутсам, қайсидир юмушни ўкситгандай бўлавераман. Қисқаси, тамойилим ажратиш эмас, балки маврид. Хуллас, мавриди келган ишни тўхтатмай бажаришни маъқул кўраман. Яна шуниси борки, мен мавриди келган деб ҳисоблаган иш бошқа биров учун бемаврид туюлиши мумкин. Бу борада ҳақ ноҳақни баҳолаш вақт ҳукмида, ҳаёт измида.
14 февраль куни эрталаб Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» ва Саъдулла Сиёевнинг «Дашти қипчоқ лочини» романларидаги тасвирлар, ижодий қарашларни ўзаро солиштираётгандим, тўсатдан телефон жиринглади. Мониторга қарадим - номаълум рақам. Албатта, қўнғироқни бемаврид ҳисобламадим ва алоқага чиққан киши билан суҳбатлашдим. Очиғи, анчадан буён бундай тутоқишни кузатмагандим. Сирдарёлик ашаддий мухлис Аҳмад оға Казаков терма жамоамиздаги ҳолатдан ёниб-куйиб кетибди. Аҳмад оға каби куюнчак мухлисларга тасалли бериш жуда қийин. Суҳбат жараёнида шуни яна бир бор ҳис қилдимки, миллий жамоамиз иштирокидаги ўйинларга муҳимлик ёки номуҳимлик ёрлиғини ёпиштириш мутлақо мумкин эмас. Назорат учрашувими ёки «ўртоқлик» - фарқи йўқ, терма жамоамиз фақат ғалаба учун майдонга тушиши даркорлиги нечанчи мартадир исботини топди.
Ҳа, Вадим Абрамов ўт билан ўйнашди, мухлис психологияси билан ҳазиллашди. Қош қўйишга уриниб, кўз чиқаришнинг нима кераги бор?! «Зенит» билан назорат учрашувида қайд этилган йирик ҳисобли мағлубият ва арзимас тажриба ёш футболчилар руҳиятидаги «синиш»дан, мухлислар безовталигидан афзалми?! Мазкур мулоҳазалар Иордания термасига қарши ўтказилган «ўртоқлик»дан аввал ёзилди ва бу учрашув натижаси вазиятни ўзгартирмайди.
Вадим Абрамов ўзини руҳшунослар каби тутиб, мухлислардаги ранж-аламни тўғри тушунишини таъкидламоқда. Мухлислар талаби эса бутунлай ўзгача: йўқ, Вадим Абрамов донишмандлик қилмасин, уларни тўғри тушуниш ўрнига Ўзбекистон миллий жамоасини қайсидир клуб билан ўйнатмасин, яна ҳам аниқроғи, ўқув-машғулотлар йиғинини бемаврид ташкилламасин! Вадим Карленович учун натижаси аҳамиятсиз, номуҳим учрашувлар мухлисларни асабийлаштирмоқда. Унинг йирик ҳисобли мағлубиятни изоҳлаш учун довдираб топган баҳонаси мухлисларни беш баттар қуюшқондан чиқарди. «Манчестер Сити»дан 0:3 ҳисобида енгилган «Тоттенхэм» бош мураббийи Жозе Моуриньонинг пенальти билан боғлиқ баҳонасини ҳам тўғри тушунишди ҳатто. Аслида ҳаммаси «Беназир»га аён. У пенальти белгиланмаган ва «Тоттенхэм» гол урган тақдирда ҳам, Хосеп Гвардиола шогирдларини тўхтатиш қийинлигини яхши билади. Ҳозирги ҳолатда «Тоттенхэм» оғир аҳволда, «Сити» аксинча, авжида. Бироқ буни Жозе ошкора тан олишни истамайди. Ундаги шу ўжарлик мухлисларга ёқади. Лекин Вадим Абрамовнинг баҳонаси ўжарлик ёки қайсарлик эмас, аксинча, алдаш, ҳашпўшлашга уриниш ва шунинг учун ҳам ёқимсиздир. У мухлислар барчасини унутиб юборишади, деб ўйлайди, шекилли. Йўқ, бу чучварани хом санашдир...
Давоми бор. Ушбу мулоҳазани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...