«Омад кучлиларга кулиб боқади» - бу хулосани кўп эшитганмиз. Айни чоғда омад у қадар кучли саналмаганлар ёнини олишига ҳам неча-неча марта гувоҳ бўлган футбол аҳли. Тўғри, ўта юқори рақобат руҳида кечадиган жаҳон чемпионати ўйинларида кутилмаган натижалар қайд этилиши жуда қийин. Лекин Европа чемпионатида Дания ва Греция термалари каби ўртамиёнадан пастроқ дружиналарнинг ғолиб чиққани кучсизлар кўнглида умид-омад оловини ёқиб туради ҳамиша. ОЧЛ жаҳон чемпионати финал босқичи эмаски, унда «Пахтакор»нинг ғолиб чиқиши учун шарт-шароит ва кутилмаган вазият туғилмаса?! «Шерлар»нинг гуруҳ босқичидаги рақиблари бизни шундай мулоҳаза юритишга ундамоқда. Рақибларнинг савияси ўтган йилгига нисбатан «шундайроқ» экани яққол кўриниб турибди. Агар «шерлар» гуруҳ босқичида ғалаба наърасини торта олишса, шу шашт билан «плей-офф»да ҳам муваффақиятли иштирок этишга ўзларида куч топишади. Назорат учрашувида «Зенит» ёки «Спартак»дан учралган мағлубият бу каби хулоса чиқаришга халақит бермайди асло.
Тақдир «Пахтакор» ишини ўнглаяпти чоғи. Воқеалар тасаввуримиздаги каби ривожланса, «Пахтакор» Шота Арвеладзе ёки Жалолиддин Машариповсиз ҳам ОЧЛда ғолиб чиқишни уддалайди. «Югурганники эмас, буюрганники!» деймиз ўшанда. Азиз Турғунбоевнинг қадами қутлуғ келса, не ажаб. Ахир не-не мураббийлар «Челси» билан ЕЧЛда ғолиб чиқишолмагач, камтаргина Роберто ди Маттео бу ишни секингина маромига етказиб қўйгани ҳамон эсимизда-ку!
Питер Хюистрани ундан кам жойи борми? Қолаверса, «Пахтакор» - ЕЧЛ эмас, балки ОЧЛ иштирокчиси. Бу турнирда эса кучсизроқ бўлиб ҳам ниманидир уддалаш мумкин. Фақат бунинг учун тақдирнинг кутилмаган туҳфалари талаб этилади. Дастлабки ҳолатда, яъни гуруҳ босқичида тақдир «Пахтакор» тарафда. Албатта, «шерлар» тақдир туҳфаларига ишониб, қўл қовуштириб ўтиришмайди. Ёш «шерлар» худди Симба каби қийин вазиятларда ўзларини кўрсатишларига ишончимиз комил. Зеро, улар жамоада Жалолиддин Машарипов каби узоқ вақт қолиб кетишни исташмайди. Ҳозирги йигитлар учун хорижга йўл ОЧЛдан бошланади. Истеъдодли ёш футболчилар буни аллақачон англаб улгуришди. Вақтни бой бермаслик мақсадида улар гуруҳ босқичидаги қулай вазиятдан унумли фойдаланишга интилишади астойдил. Тақдир ҳар доим ҳам имконият эшикларини очавермайди. Терма жамоамиз 2 гол фарқи туфайли мундиал йўлланмасини қўлга киритолмаганида ёки Жалолиддин Машарипов «қизил» карточка олиб, «Пахтакор» ОЧЛдаги юришини якунлаганида, тақдир тайёрлаган «тарсаки»лар ҳақида ўйлаб кўрмагандик. Чунки савия ва таркиблар бизни ғалабаларга ишонтириб юборганди. Нидерландия терма жамоаси шундай ортиқча ишонч ортидан жаҳон чемпиони бўлолмаганини мухлислари жуда яхши билишади. Таркиб кучли, савия ҳар қанча юқори бўлмасин, турли омиллар таъсирида ишонч оқланмайди. Рууд Гуллит, Рональд Куман, Марко ван Бастен авлоди жаҳон чемпионати чўққисига чиқишолмагани каби Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Максим Шацких каби кучли футболчиларимиз мундиалдан қуруқ қолишгани - факт!
Давоми бор. Ушбу мулоҳазани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...