«Зенит» билан назорат учрашувидан сўнг мухлислар яна ХХ асрнинг 60-80-йилларидаги «Пахтакор»ни эслашди. Кўпчилик наинки «Зенит», балки Москванинг донгдор клублари билан баравар ўйнаган «Пахтакор»ни ўша пайтдаги Ўзбекистон терма жамоаси сифатида таърифлайди. Ҳозирги «Пахтакор»ни ҳимоя қилишга мойил ушбу хулосада қай даражада ҳақиқат бор? Очиғи, бундай хулоса - кайфиятни ўзгартирадиган пайт келди. Чунки «Пахтакор» ҳозир ҳам терма жамоа каби таассурот уйғотади. Бироқ жамоа савиясини Россиянинг етакчи клублари даражасига солиштириш бироз ўнғайсиз. Тўғри, аввал ҳам «Пахтакор» ва Москва клублари ўртасида фарқ бор эди. Фақат савия бобидаги тафовут у қадар сезилмаган. Энди эса фарқ яққол сезилиб қолмоқда...
«Зенит»нинг захира таркиби «шерлар»ни терлатгандан кейин бошқа сўз ортиқча. Гарчи «Пахтакор» йирик ҳисобда мағлубиятга учраган бўлса-да, Дубайдаги назорат учрашувидан мухлислар жиддий ранжишгани йўқ аслида. Мағлубият ёқимсиз, албатта. Лекин кучли рақибга қарши кечадиган ҳар қандай ўйин қадрли. Шу маънода айтсак, «шерлар» «кўз»ини очган бу назорат учрашувининг аҳамияти катта. Оддий айтганда, ўйинга «ўртоқлик» мақомида қараб, натижага беписанд муносабатда бўлиш яхши эмас. Аксинча, йирик ҳисобли мағлубият «Пахтакор» учун огоҳлик қўнғироғи сифатида хизмат қилиши даркор. Олдиндан башорат қилмоқчи эмасмиз, аммо Питер Хюистра узоқ вақт ёрдамчи ролини бажарганини унутолмайди, чоғи. Футболчилар ҳам унинг бош мураббий эканига кўникишолмайди, назаримизда. Ҳа, ёшлар Питер Хюистра билан ҳеч қандай муаммосиз ишлайверишади. Асосий таркиб вакиллари ҳақида эса бундай хулоса айтиш қийин. Улар учун Ойни Қуёш ўрнида қабул қилиш анчайин мушкул. Аниқроғи, бу мантиққа зид ҳолатдир, яъни Ой ҳеч қачон Қуёш бўлолмайди.
«Пахтакор» мутасаддилари ёрдамчини бош мураббий ролига тайинлаб, гўё «Бавария» тажрибасини такрорламоқчи бўлишяпти. Афсуски, эзгу ният ҳар доим ҳам тантана қилавермайди. Шундай экан, савол туғилади: мутасаддилар қарори босими остида асосий таркиб футболчилари ўзларини руҳий жиҳатдан қийнаб қўйишмайдими? Ҳар ҳолда, «шерлар» муҳитида ғалатироқ, асабийроқ шамол эсмоқда. Биз бу нафасни туйдик ва уни қоғозда ифодаладик. Аслида мулоҳазаларимиз ноўрин бўлиб чиқишини истаймиз. Лекин ҳаётда истакни ўзи билан иш битмайди. Ўжар фактлар бизни вазиятларга жойида муносабат билдиришга ундайверади. Нима бўлганда ҳам, «Пахтакор»ни ҳар жиҳатдан кучли жамоага айланишини хоҳлаймиз. Айни чоғда эса жамоага нисбатан бундай таъриф ишлатиш қийин. Наҳотки, ўтган мавсум «Пахтакор» учун энг юқори даража бўлса?! «Шерлар» шаштининг пасайиши - бошқа жамоалар учун имкон эканлиги бор гап. Лекин мазкур жараён тараққиёт ҳисобланмаслигини унутмайлик. Инкор этмаймиз, жамоаларнинг савия бобида тенглашуви Суперлига қизиқарли ўтишини таъминлайди. Бироқ ортга чекиниш таъсиридаги тенглашув, тараққиёт учун хизмат қилмайдиган қизиқарлилик кимга керак? Халқаро учрашувларда миллий чемпионатдаги қизиқарлилик, ўртамиёна жамоаларнинг аёвсиз рақобати аҳамиятсиздир.
Дейлик, Жасур Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаровнинг ўртамиёна Беларусь футболи муҳитидаги фаолликлари айтарли эътибор қозонолмайди, барибир...
Давоми бор. Ушбу мулоҳазани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...