Пандемия авж олган шароитда ҳам баъзи футболчилар ўзини яккалаш қоидасига риоя қилишмади ва бунинг оқибатида «ёввойи» вазиятларга тушиб қолишди. Жумладан, автомобилларни пачоқлаш, кузатувчиларни чақириш ва ҳаттоки, мамлакат президенти таҳдидига учраш ҳолатлари учради. Бугун шундай қоидабузарлардан 5 нафарининг кирдикорига алоҳида тўхталишни лозим топдик. Демак, 2020 йили карантин қоидаларини бузган футболчиларнинг топ-5 рўйхати.

5-ўрин. «Сельта»нинг собиқ футболчилари Пионе Систо ва Фёдор Смолов

Даниялик футболчи ўз ватанини қаттиқ соғинганиданми, у ерга шахсий автомобилида йўл олди. Чунки ўша пайт самолётлар қатнови тўхтатилганди. Хуллас, даниялик вингер машинада 3000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди! Бироқ бундай хатти-ҳаракат «Сельта»нинг қолган футболчиларини ғазаблантирди ва улар раҳбариятга мурожаат қилиб, даниялик жамоадошларига жазо тайинлашни сўрашди. Клуб шунга мувофиқ, даниялик футболчига 60 минг евро миқдорида жарима солди. Оқибатда Систо ва «Сельта» ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда ёмонлашди ва футболчи ёзда ўз ватанига қайтиб, яна «Мидтьюлланд» либосини кийди.

Россиялик ҳужумчи айнан Систодан ўрнак олди, чоғи. Смолов Испаниядан учиш учун бир неча марта сўров юбориб, ҳар сафар рад жавоби олавергач, барча тақиқларни бузган ҳолда, мамлакат ҳудудидан хусусий самолётда чиқиб кетди. Бундай таваккалчилик сабабига қаранг - футболчи маъшуқаси 18 ёшли Мария Юмашева (Борис Ельциннинг невараси)нинг туғилган кунига шошилганди. Тўғри, Фёдор якунда Пионе Систодан фарқли ўлароқ, жаримадан қутулиб қолди, лекин у ҳам Испанияда узоқ вақт қолгани йўқ...


4-ўрин. Кўнгилочар оқшомда қатнашган Кайл Уокер, Жек Грилиш, Фил Фоден ва Мэйсон Гринвуд

«Манчестер Cити» ҳимоячиси Кайл Уокер дўсти билан енгилтабиат икки қизни меҳмонга чақиришгани туфайли машҳурлашди. Энг жирканч томони, Кайл эртасига «Инстаграм» тармоғидаги саҳифаси орқали видеомурожаат йўллади. Унда футболчи жиддий юз ифодаси билан барчани уйда ўтириш ва ижтимоий масофа сақлашга чақирди. Кейинроқ ўша қизлар ҳақиқатни очиб ташлашди ва футболчи мухлислар ғазабига учради. Бундан ташқари, «Сити» Уокерни 250 минг фунт миқдоридаги жарима билан «сийлади».

«Астон Вилла» етакчиси Жек Грилиш тақиқланган зиёфатга борди ва бутун тунни ўша ерда ўтказди. Қайтиш чоғи эса шахсий автомобили - Range Rover ва яна 3та машинани пачоқлади. Энг кулгули томони, Грилиш ҳам зиёфатдан бир неча соат олдин махсус видеолавҳа орқали барчани карантин қоидаларига амал қилишга чақирганди. Суд якунда футболчига 80 минг фунт миқдорида жарима тайинлади, қолаверса, у 9 ой муддатга автомобиль ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Ҳаммасидан ҳам Фоден ва Гринвуд жуфтлиги кўрсатган «ҳунар» зўр чиқди. Исландия термасига қарши ўйинда Англия миллий жамоасида дебют қилган йигитлар буни алоҳида нишонлашни хоҳлаб, меҳмонхонага икки нафар маҳаллий моделни чақиришди. Базмни яшириш имкони бўлмади - қизлар кечадан олинган фотосурат ва видеолавҳаларни ижтимоий тармоққа жойлаштирдилар. Жазо ҳам дарҳол белгиланди - ҳар икки футболчи кучли нафрат остида қолди ва терма жамоадан ҳам четлаштирилди.

 

3-ўрин. Жазодан қочиш учун муваффақиятсиз уринишлар

Яна 2та ғалати  воқеа. Бири «Гуанжоу Эвергранд» вакили Ю Ханчао билан содир бўлди. 33 ёшли ярим ҳимоячи қатъий карантин белгиланган вақт шахсий автомобилида Хитой қонунчилигидаги энг қатъий тақиқлардан бирига амал қилмади. Оддий айтганда, Ханчао тушмагур автомобиль рақамининг бир ҳарфи - «Е»ни «F»га ўзгартирди, албатта, камералар ёзуви туфайли қўлга тушмаслик илинжида. Бироқ унинг найранги натижа бермади: йўл ҳаракати камераси айнан ҳарфни алмаштириш жараёнини ёзиб олган экан. Хуллас, сохталикдан кўпчилик хабар топди, жумладан, клуб ҳам. Ҳаммаси футболчини жамоадан 6 йилга четлатиш билан тугади.

Иккинчи воқеа бутун бир клубга тегишли! Австриянинг ЛАСК жамоаси карантин пайти машғулотларни ҳеч қандай чекловларсиз хотиржам ўтказди. Ваҳоланки, Лига раҳбарияти фақат индивидуал машғулотларга рухсат берганди. Тўғри, ҳаммаси ошкор бўлгач, клуб раҳбарияти айбни тан олмади, ҳаттоки, видеолавҳаларни тарқатган манбани жосусликда айблади. Кейинчалик жамоа корчалонлари афсусланишди, чунки ЛАСКдан нақ 12 очко олиб ташланди. Энг аламлиси, жамоа мажбурий танаффусга қадар турнир жадвалида пешқадам эди, кейин жарима туфайли 2-қаторга тушиб қолди. Якунда барчаси «Зальцбург»га роса асқотди - «буқалар» чемпионликни тантана қилишди.

 

2-ўрин ва 1-ўринда эса...


Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...