Охирги ўн йилликда илк бор “Барселона” мавсумни совринсиз якунлади. Шунинг учун жамоада ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Энг аввало, омадсиз мураббий Кике Сетьен истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнини Рональд Куман эгаллади. Энди эса футболчилар орасида ҳам ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳаттоки, Лионель Месси жамоани тарк этиш истагида.
Месси мавзуси алоҳида гаплашиладиган мавзу ҳисобланади. Бугун биз бошқа футболчиларнинг жамоадаги келажаги ҳақида суҳбатлашамиз.
Луис Суарес
2019/20 йилги мавсум Ла Лигада: 33 ёш; 28 ўйин; 16 та гол; 8 та голли узатма
Уругвайлик футболчи “Барселона”нинг ажралмас қисмига айланиб бўлди. “Кўк-анорранглилар” тарихида тўпурарлик бўйича учинчи ўринни эгаллаб турибди. Шунинг ўзи у ҳақида хулоса қилишимиз учун етарли. Аммо Куман янги жамоани шакллантирмоқчи бўлса, 33 ёшли Луис клубни тарк этиши мумкин.
Ҳукм: энг яхшилар ҳам бир кун кетади, шунинг учун сотиш керак.
Жерар Пике
2019/20 йилги мавсум Ла Лигада: 33 ёш; 35 ўйин; 1 та гол
Луис Суарес сингари Пикенинг ҳам энг яхши йиллари ортда қолди. Шундай бўлса-да Пике марказий ҳимояда асосий фигура сифатида қолмоқда. Тўғри, у энди ёш ва тезкор ҳужумчиларга имкониятни бой бериши мумкин, лекин у ўйинни ўқий олади ва узоққа тўп оширишни қойилмақом тарзда бажаради. “Барса”нинг ҳимоя чизиғи ҳам ёшариши керак, аммо ҳужум чизиғидан кўра ҳимояда масъулият катта бўлгани учун бу борада қарорни эҳтиёткорлик билан чиқариш керак.
Ҳукм: минимум яна бир мавсум жамоада қолдириб, кейин ўйлаб кўриш керак.
Иван Ракитич
2019/20 йилги мавсум Ла Лигада: 32 ёш; 31 ўйин; 1 та гол; 3 та голли узатма
Охирги 6 йил мобайнида хорватиялик футболчи “Барселона” шарафини муносиб ҳимоя қилди. Куман жамоада ўзгартириш киритаётган экан, бу борада ўйлаб ўтиришни ҳожати йўқ. Ракитичнинг ўзи ҳам фаолиятини бошқа жамоада давом эттириш кераклигини тушуниб турибди. “Милан”, “Севилья” ва “Галатасарай” каби жамоалар футболчини ўз сафига қўшиб олишга қарши эмас.
Ҳукм: сотиш керак.
Серхио Бускетс
2019/20 йилги мавсум Ла Лигада: 32 ёш; 33 ўйин; 2 та гол; 2 та голли узатма
“Барселона” мухлисларининг фикрича, Бускетс яна 3-4 йил бемалол ўз позитсиясида яхши ўйин кўрсата олади. Тўғри, Бускетс ўйиндаги “қора ишлар”нинг барчасини бажаради. Аммо ёш барибир ўз ҳукмини ўзказмай қўймайди. Жамоа фахрийларининг барчасини ўзгартириш ҳам тўғри қарор эмас. “Милан” бунга яққол мисол. Серхио жамоада қолиши керак ва ёш футболчиларга ўз тажрибасини улашиши зарур.
Ҳукм: қолиши керак.